961/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар кўкаламзор, ҳосилдор ерга сафар қилсангиз, туяга ердаги насибасини беринглар. Яъни ўтлатиб ўтинглар. Агар қуруқ, унумсиз ерга сафар қилсангиз, туяни тезлатиб юргизинглар, токи иликлари эримасдан, кўзлаган манзилга етиб олинглар. Агар бирор ерга қўнадиган бўлсангиз, йўл устига қўнишдан четланинг, яъни йўлдан узоқроққа тушинг. Чунки у кечқурун ҳайвонларнинг йўллари ва зарарли ҳашаротларнинг жойларидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Бу ҳадисда Ислом ҳайвонлар ҳуқуқини қай даражада ҳимоя қилганига ишора бордир.
962/2. Абу Қатодадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам одатлари, – агар сафарга чиқиб, кечаси бирор ерга қўнсалар, ўнг томонларига ёнбошлардилар. Агар субҳ олдидан бирор ерга қўнсалар, билакларини тикка қилиб, бошларини кафтларига қўйиб ухлардилар. Имом Муслим ривоятлари.
Уламолар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билакларини тикка қилиб, бошларини кафтларига қўйиб ухлашларидан мақсад, уйқуга шўнғиб, бомдод намози ўтиб кетишидан хавф қилганлари учун», дейишган.
963/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сафарга чиқсанглар, кечқурун юринглар. Чунки кечаси масофа тез босиб ўтилади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
964/4. Абу Саълаба ал-Хушнийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Одамлар сафар қилиб, бирор манзилга тушишса, дара ва водийлар орасига тарқалиб кетишарди. Буни кўрган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, дара ва водийлар орасига тарқаб кетишингиз шайтон томонидандир», дедилар. Бундан кейин улар бирор ерга тушадиган бўлишса, бир-бирларига қўшилиб, жипслашиб олишар эди. Абу Довуд ривоятлари.
965/5. Саҳл ибн Амр Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади (бу зот Ибн Ҳанзалийя номи билан машҳур бўлиб, Ризвон байъатида иштирок этган саҳобалардандир). Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир туя олдидан ўтдилар. У туя очликдан қорни ичига тортиб кетган эди. Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу тилсиз ҳайвонлар хусусида Аллоҳдан қўрқинглар. Бас, қорнини тўйғазиб мининглар. Ва семиртириб, сўйиб енглар», деб айтдилар. Абу Довуд ривоятлари.
966/6. Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Жаъфардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам орқаларига мени мингаштириб, бир сирни айтдилар. Мен ўша сирни инсонлардан бирортасига гапирмайман. Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатадиган бўлсалар, бирор баландлик ёки хурмо дарахтидан бўлган боғ-тўсиқ бўлар эди... Имом Муслим мана шу кўринишдаги қисқа ҳолда ривоят қилганлар.
Аммо имом Барқоний имом Муслимнинг иснодлари ила «Хурмо дарахтидан бўлган боғ-тўсиқ бўлар эди» сўзидан кейин қуйидагиларни зиёда қилдилар:
«Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир кишининг тўсиб қўйган ерига кирдилар. Қарасалар, бир туя турибди. У зот туяга қараган эдилар, туя овоз чиқариб, кўзидан ёш оқизди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг ўркачи ва қулоғи ортидан силадилар. Ва: «Бу туянинг эгаси ким, бу туя кимга қарашли?» дедилар. Ансорийлардан бир йигит келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга қарашли», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сени эга қилган бу ҳайвон ҳақида Аллоҳдан қўрқмайсанми? Бу туя оч қолдириб, кўп ишлатишингдан менга шикоят қилди», дедилар. Абу Довуд ҳам Барқоний каби ривоят қилганлар.
967/7. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Агар бирор манзилга тушсак, ҳаттоки юкларни улов устидан тушириб, эгарларни ечмагунимизча, намоз ўқимас эдик», дедилар. Абу Довуд имом Муслимнинг шартларига тўғри келадиган иснод ила ривоят қилганлар.