Маййитга жаноза намози ўқиш фарзи кифоядир. Шу сингари, уни ювиш, кафанлаш, дафн қилиш ҳам фарзи кифоядир. Бунга ҳамма бир овоздан иттифоқ қилган.
Жаноза намози Имом Аъзам розияллоҳу анҳу мазҳабларида қуйидагича ўқилади: Аввал «Аллоҳу акбар» деб, яъни, такбири таҳримани айтиб қулоқ қоқади. Сўнг Сано – «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва ла илаҳа ғойрук» дуосини ўқийди. Сўнгра яна такбир айтади, аммо қўлини кўтармайди. Кейин Расулуллоҳга бирор саловотни айтади. Сўнг «Аллоҳу акбар», деб жаноза дуосини ўқийди. Жаноза дуоси: «Аллоҳуммағфир лиҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғийрина ва кабийрина ва закарина ва унсана. Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу минна фааҳйиҳи ъалал ислам ва ман таваффайтаҳу минна фатаваффаҳу ъалал ийман. Аллоҳумма ла таҳримна ажроҳу ва ла тафтинна баъдаҳу». (Маъноси: Эй Раббим, тиригу ўлигимизни, ҳозиру ғойибимизни, кичигу каттамизни, эркагу аёлимизни мағфират қил. Эй Раббим, кимимизни ҳаётда қолдирадиган бўлсанг, уни Исломда қил, кимимизни ўлдирадиган бўлсанг, уни иймон билан вафот эттир. Бизни унинг ажридан маҳрум қилма. Ундан кейин бизни фитнага солма.)
Агар маййит ёш бола бўлса, қуйидаги дуони ўқийди: «Аллоҳуммажъалҳу лаҳума фаротан важъалҳу лаҳума салафан важъалҳу лаҳумо зуҳрон ва саққил биҳи мавазийнаҳума ва африғис собро ъала қулубиҳима ва ла тафтиннаҳума баъдаҳу ва ла таҳримҳума ажраҳ», сўнг яна «Аллоҳу акбар» дейди ва икки томонга салом бериб, намозни тугатади. (Маъноси: Аллоҳим, бу гўдакни ота-оналари учун ажр, фазл ва заҳира қил. У сабабли ота-онасининг тарозиларини оғир қил, қалбларига сабр ёғдир. Ундан сўнг уларни фитнага солма, уларни унинг ажридан маҳрум қилма.)
934/1. Абу Абдураҳмон Авф ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жаноза намози ўқиганларидаги дуоларини ёдлаб олдим, унда: «Аллоҳуммағфир лаҳу варҳамҳу ва ъафиҳи ваъфу анҳу ва акрим нузулаҳу ва вассиъ мудхолаҳу вағсилҳу бил маи вас салжи вал бароди ва наққиҳи минал хотойа кама наққойтас савбал абйазо минад данаси ва абдилҳу дарон хойрон мин дариҳи ва аҳлан хойрон мин аҳлиҳи ва завжан хойрон мин завжиҳи ва адхилҳул жанната ва аъизҳу мин ъазабил қобри ва мин ъазабин нар», деб айтганлар. Шунда мен ўша маййитнинг ўрнида бўлишни орзу қилиб қолдим», деб айтдилар. (Маъноси: Эй Раббим, уни мағфират қил, унга раҳм эт. Уни офиятда қил ва авф эт. Тушадиган ерини мукаррам, кирадиган ерини кенг қил. Уни сув, қор, дўл билан юв. Оқ кийим кирдан тоза бўлгани каби, уни хатолардан покла. Унга ҳовлисидан яхшироқ ҳовли, аҳлидан яхшироқ аҳл, жуфтидан яхшироқ жуфт бер. Уни жаннатга киргиз, қабр ва дўзах азобидан сақла.) Имом Муслим ривоятлари
935/2. Абу Ҳурайра, Абу Қатода ва Абу Ашҳалий оталаридан розияллоҳу анҳу қилган ривоятларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жаноза намозида: «Аллоҳуммағфир лиҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғийрина ва кабирийна ва закарина ва унсана, Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу минна фааҳйиҳи ъалал ислам ва ман таваффайтаҳу минна фатаваффаҳу ъалал ийман. Аллоҳумма ла таҳримна ажроҳу ва ла тафтинна баъдаҳу», деб айтдилар. (Маъноси юқорида ўтди.) Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
936/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар маййитга жаноза намози ўқисангизлар, унинг учун дуони холис қилинглар», деб айтдилар. Абу Довуд ривоятлари.
937/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жаноза намозида: «Аллоҳумма анта роббаҳа ва анта холақтаҳа ва анта ҳадайтаҳа лил ислам ва анта қобазта руҳаҳа ва анта аъламу бисирриҳа ва ъаланиййатиҳа ва қод жиънака шуфаъаа лаҳу фағфирлаҳу», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сен унинг Раббисан, Сен уни халқ қилдинг, Исломга ҳидоят этдинг ва руҳини олдинг. Сен унинг сирини ва ошкорасини билувчи зотсан. Биз унга шафеъ бўлиб келдик, унинг гуноҳларини кечир.) Абу Довуд ривоятлари.
938/5. Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир мусулмон кишининг жанозасини биз билан бирга ўқидилар. Унда қуйидаги дуони ўқидилар: «Аллоҳумма инна Фулан ибн Фулан фий зимматика ва ҳабли живарика фақиҳи фитнатал қобри ва ъазабан нари ва анта аҳлул вафа вал ҳамд. Аллоҳумма фағфир лаҳу варҳамҳу иннака антал ғофурур роҳийм». (Маъноси: Аллоҳим, Фалончининг ўғли Фалончи Сенинг зиммангда ва ҳимоянгдадир. Уни қабр фитнаси ва дўзах азобидан сақла. Сен вафо ва ҳамд аҳлисан. Эй Раббим, уни мағфират қил, раҳм айла. Албатта, Сен кечирувчи ва раҳмли Зотсан.) Абу Довуд ривоятлари.
939/6. Абдуллоҳ ибн Авфодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот қизларига тўрт такбир ила жаноза намози ўқиб, тўртинчи такбирдан кейин икки такбир орасидаги миқдорича туриб, қизларига истиғфор айтиб, дуо қилдилар ва: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам мана шундоқ қилганларини кўрдим», дедилар.
Бошқа ривоятда: «Тўртинчи такбирни айтиб, узоқ туриб қолганларидан биз бешинчи такбирни ҳам айтсалар керак, деб ўйладик. Лекин ўнг ва чап томонларига салом бериб, намозни тугатдилар. Қачонки намоз тамом бўлгандан кейин биз у зотга: «Бу қандай қилганингиз?» десак, у зот: «Мен Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам нимани кўрган бўлсам, унга зиёда қилмайман» ёки «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мана шундоқ қилдилар», деб айтдилар». Имом Ҳоким ривоятлари.