873/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган машҳур Исро ҳодисаси ҳақидаги ҳадисда келтирилишича, «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Жаброил (алайҳиссалом) билан дунё осмонига кўтарилганимда, унинг очилишини талаб қилдилар. «Бу ким?» дейилганида, «Жаброилман», дедилар. «Сен билан бирга ким?» дейилганида, «Муҳаммад» (алайҳиссалом), дедилар. Сўнгра иккинчи ва учинчи ва қолганларига кўтарилганларида, ҳар бир осмонда «Бу ким?» дейилди, «Жаброилман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
874/2. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Кечаларнинг бирида кўчага чиқсам, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам якка ўзлари кетаётган эканлар. Мен ҳам ойнинг соясида кетаётсам, мен томонга бурилдилар-да ва мени кўриб қолдилар. «Ким бу?» дедилар. «Абу Заррман», дедим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
875/3. Умму Ҳонеъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот ғусл қилаётган эканлар. Фотима эса тўсиб турган экан. Шунда у зот: «Бу ким?» дедилар. Мен: «Умму Ҳонеъман», дедим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
876/4. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, эшикларини тақиллатдим. У зот: «Ким бу?» дедилар. «Мен», деб айтдим. Шунда у зот «мен», «мен», деб гўёки кариҳ кўргандек айтдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Бирор кишининг уйи тақиллатилсаю уй ичидан «Кимсиз» дейилса, у исмини айтмасдан «Мен» деб айтишининг кароҳияти бор.