856/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Суворий пиёдага, пиёда ўтирганга ва озчилик кўпчиликка салом беради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Бухорий ривоятларида: «Кичик каттага» бўлиб келган.
Фойда: Мана шу тарзда салом бериш маҳбубдир. Имом Муҳаллаб бунинг ҳикматини қуйидагича шарҳлайдилар: Чунки пиёда юрувчи кирувчи кишига ўхшайди. Шунинг учун саломни аввал бериши аълороқ. Кичик ёшли катталарни ҳурмат қилиб, уларга нисбатан тавозуъли бўлишга буюрилган. Суворий яъни бирор нарса миниб олган киши ўша миниб олган нарсасига фахрланиб кибрланмаслиги учун саломни аввал беради. Озчилик кўпчиликка салом беришига сабаб, кўпчиликнинг ҳаққи озчиликка қараганда кўпроқдир. Исломда салом бериш одоби мана шу кўринишда бўлади.
857/2. Абу Умомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишиларнинг Аллоҳ ҳузуридаги олий мартабалиси саломни бошлаганидир», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
Имом Термизий ривоятларида келтирилишича, «Эй Расулуллоҳ, икки киши йўлиқиб қолса, қайси бири саломни бошлайди?» дейилганида, у зот: «Аллоҳ ҳузуридаги олий мартабалиси, (Яъни Аллоҳга тоат билан яқин бўлгани)», деб айтдилар.