818/1. Абдуллоҳ ибн Язиддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам масжидда бир оёқларини иккинчиси устига қўйиб чалқанча ётганларини кўрдим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
819/2. Жобир ибн Самурадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар бомдод намозини ўқиб бўлсалар, қуёш батамом чиққунича ўз ўринларида чордона қуриб ўтирардилар. Абу Довуд ривоятлари.
820/3. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам Каъба ҳовлисида чўккалаб, яъни думбаларини ерга қўйиб, тиззаларини қучоқлаб ўтирганларини кўрдим», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
821/4. Қайлата бинти Махрамадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам чўккалаб ўтирганларини кўрдим. Бас, у зотнинг ниҳоятда хушуъ билан ўтирганларини кўриб, қўрқувдан титраб кетдим». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
822/5. Шарид ибн Сувайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен мана шундоқ, яъни чап қўлимни орқамга қўйиб, ўнг кафтимга суяниб ўтирганимда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ғазабига учраган яҳудийлар каби ўтирмагин», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.