726/1. Умар ибн Абу Саламадан розияллоҳу анҳуривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Таомнинг аввалида «Бисмиллаҳ» дегин, ўнг қўлинг билан егин ва ўз олдингдан егин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Имом Нававийнинг фикрларича, овқат хусусида шундай қилиш жоиз. Лекин мевада эса хоҳлаган жойидан танлаб еяверади.
727/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Агар сизлардан бирингиз (овқат) ейдиган бўлса, ана шу таомнинг аввалида Аллоҳ исмини зикр қилсин (яъни, «Бисмиллаҳ»ни айтсин). Агар аввалида Аллоҳ исмини зикр зтишни унутса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу», деб айтсин», дедилар. (Маъноси: «Овқатнинг аввали ва охирига бисмиллаҳ») Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
728/3. Жобирдан розияллоҳу анҳуривоят қилинади: «Расулуллохдан соллоллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни эшитдим: «Ким уйига кираётганида ва таом пайтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон шерикларига: «Сизларга ётоқ ҳам, овқат ҳам йўқ», деб айтади. Ким уйига кираётиб, Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон шерикларига: «Ётоқларингизга етишдингиз», дейди. Таом пайтида ҳам Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон шерикларига: «Овқатга ҳам, ётоққа ҳам етишдингиз», дейди». Имом Муслим ривоятлари.
729/4. Ҳузайфадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Агар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга овқат тановул қилгани ўтирсак, у зот қўлларини узатмагунларича биз узатмас эдик. Бир гал у зот билан бирга таомда бўлганимизда бир қиз келиб, овқатга қўл узатишга шошаётганида у зот қўлидан ушлаб четга олиб қўйдилар. Кейин бир аъробий келиб, у ҳам узатмоқчи бўлганида Расулуллоҳ унинг ҳам қўлидан ушлаб, четга олиб қўйдилар. Сўнгра у зот: «Албатта, шайтон Аллоҳ исми зикр қилинмаган овқатни ўзига ҳалол қилиб олади. У (шайтон) овқатни ҳалол қилиш учун бу қизча билан келди. Мен унинг қўлидан тутдим. Сўнгра овқатни ҳалол қилиш учун бу аъробий билан келди. Унинг ҳам қўлидан тутдим. Менинг нафсим Унинг қўлида бўлган Зотга қасам-ки, у (шайтон)нинг қўли улар икковининг қўли билан менинг кафтимдадир», дедилар. Кейин Аллоҳ исмини зикр қилиб, овқат тановул қилдилар». Имом Муслим ривоятлари.
730/5. Умайя ибн Махшийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир киши овқат тановул қилиб, охирги луқма қолгунча Аллоҳ исмини зикр қилмади. Қачонки, охирги луқмани оғзига солаётганида «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу» (яъни, аввали-ю охирига Аллоҳнинг исми билан), деб айтди. Буни кузатиб турган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, сўнгра у зот: «Шайтон унинг овқатига шерик бўлиб тановул қилаётган эди. Қачонки, бу киши Аллоҳ исмини зикр қилганида қорнидагини қайт қилиб юборди», дедилар. Абу Довуд ва Насаий ривоятлари,
Фойда: Агар овқат ва ичимлик тановул қилинаётганида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаса, албатга шайтон унга шерик бўлиши уқтирилмоқда. Бу ҳадиснинг шарҳида айтилишича, Расулуллоҳ бу кишининг «Бисмиллаҳ»ни тарк қилганини иш охирида билдилар. Агар аввалда билганларида жим турмасдан эслатар эдилар.
731/6. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан олти нафари билан овқатланаётган эдилар. Шунда бир аъробий келиб, ўша овқатдан икки луқма билан ҳаммасини еб қўйди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у Аллоҳнинг исмини зикр қилганида, сизлар тўяр эдингиз», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
732/7. Абу Умомадан розияллоҳу анҳуривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дастурхон йиғиштириб олингач: «Алҳамдулиллаҳи ҳамдан касиран таййибан муборакан фийҳи ғойра макфиййин вала мустағнан ъанҳу Роббана», дер эдилар. (Маъноси: Аллоҳга беадад пок, муборак мақтов бўлсинки, Ундан ўзга кифоятчи йўқ. Сенга муҳтож бўлмаган кимса йўқдир, эй Раббимиз), Имом Бухорий ривоятлари.
733/8. Муоз ибн Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таом еб, сўнгра «Алҳамду лиллаҳил лазий атъаманий ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний вала қувватин», деб айтса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади», дедилар. (Маъноси: «Менинг куч-қувватимни кеткизмай, мана бу ризқ ила таомлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин».) Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.