Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб: «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом. (Булар) нотаниш қавм-ку», деди. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб: «(Таомдан) емайсизларми?», деди» (Ваз-зорият сураси, 24-27-оятлар).
«(Дарҳақиқат, Лут пайғамбар ҳузурига йигитлар келганини эшитишгач), қавми унинг олдига чопиб келишди. Улар илгаридан ёмон ишлар — баччабозлик қилар эдилар. У айтди: «Эй қавмим, анави қизларим (яъни шаҳримиздаги қизлар) сизлар учун покроқ-ку (яъни ўшаларга уйланаверсангиз бўлмайдими)?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда бирон тўғри йўлга юргувчи киши йўқми?!» (Ҳуд сураси, 78-оят), деб айтган.
705/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Қўшнисига зулм қилмасдан яхшилик қилиш, меҳмонини ҳурматлаш ва кам гап бўлиш иймон аломатларидандир.
706/2. Абу Шурайҳ Ҳувайлид ибн Амир ал-Хузоъийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонни ҳурмат қилиб, унинг мукофотини берсин», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг мукофотини бериш қанақа бўлади?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча ва кундуз меҳмонни яхшилаб кутсин. Меҳмондорчилик уч кундир. Ундан зиёдаси садақадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятларида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон киши биродарининг ҳузурида уни гуноҳкор қилгунча меҳмон бўлмоғи даркор эмас», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандоқ қилиб гуноҳкор қилади?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг ҳузурида биродари шунақа кўп меҳмон бўлганидан зиёфат қилгулик бирор нарса қолмайди», дедилар.