Аллоҳ таоло: «(У тақводор зотлар)... ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади» (Оли Имрон сураси, 134-оят).
«Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро сураси, 43-оят), деб айтган.
647/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг расули, менинг қариндошларим бор. Уларга силаи раҳм қилсам ҳам, алоқани узишаверади. Уларга яхшилик қилсам ҳам, ёмонлик қилишаверади. Уларга ҳалимлик қилсам ҳам, жоҳиллик қилишаверади», деганида, у зот: «Агар айтганинг рост бўлса, уларнинг оғизларига иссиқ кулни солган бўласан. Модомики, мана шу ҳолатда бўлар экансан, Аллоҳ томонидан бир мададкор уларнинг зиддига сен билан бирга бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.