60-БОБ. Карамли, саховатли бўлиб ҳамда Аллоҳга эътимод қилган ҳолда яхши йўлларга инфоқ этмоқ хусусида

Смесители для душа и ванны
Детские игрушки, развивающие игры

Аллоҳ таоло: «Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур» (Сабаъ сураси, 39-оят),

«Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ Юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз! Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади» (Бақара сураси, 272-оят),

«Қандай яхшилик қилсангиз, бас, албатта, Аллоҳ уни билгувчидир» (Бақара сураси, 273-оят), деб айтган.

543/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кишига ҳасад қилиш жоиз. Биринчиси: Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берсаю, у киши ўша мол-дунёни ҳақ йўлда инфоқ қилса. Иккинчиси: Аллоҳ таоло бир кишига ҳикмат (илм) ато этсаю, у киши ўша илми билан ҳукм қилиб ва ўша илмидан одамларга таълим берса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

544/2. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг қайси бирингиз меросхўрингиз молини ўзингизнинг молингиздан кўра яхшироқ кўрасиз?» деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда ўз молидан бошқаларнинг молини яхши кўрадиган кимса йўқдир», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши молининг қанчасини инфоқ қилган бўлса, ўша ўзиникидир. Инфоқ қилмай йиғиб қўйгани эса меросхўрлариникидир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

545/3. Адий ибн Ҳотимдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хурмонинг ярмини инфоқ қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

546/4. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам нима нарса сўрашмасин, ҳеч қачон йўқ, демас эдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

547/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Банда тонг оттирганида икки фаришта тушади. Улардан бири: «Аллоҳим, инфоқ қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт», дейди. Иккинчиси: «Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофат бергин», дейди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

548/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одам боласи, молингдан инфоқ қил. Шунда сенга ҳам инфоқ этилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

549/7. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Исломдаги қайси амал яхшироқ?», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Овқат улашиб, кишиларни таомлантирмоғинг ҳамда таниган ва танимаган кишиларга салом бермоғинг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

550/8. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қирқ хислат борки, уларнинг энг олийси — сутини соғиб ичиш учун эчкисини бермоқликдир. Кимки мана шу хислатлардан бирортасига савоб умидида ва ваъда қилинган нарсага ишонган ҳолда амал қилса, Аллоҳ таоло жаннатга киритади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

551/9. Абу Умома Судай ибн Ажлондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одам боласи, агар эҳтиёжингдан ортиқ молингни инфоқ қилсанг, ўзинг учун яхшидир. Агар бермасдан ўзингда ушлаб қолсанг, ўзинг учун ёмондир. Лекин ўз эҳтиёжингга кифоя қилгудегини ушлаб қолсанг, маломат қилинмайди. Сен садақани ўз қарамоғингдагиларга улашишдан бошлагин. Юқори қўл, (яъни берувчи) паст қўлдан, (яъни олувчидан) яхшироқдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

552/10. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам Ислом ҳаққи-ҳурмати бирор нарса сўралса, уни бериб юборардилар. Кунларнинг бирида ҳузурларига бир киши келганида, икки тоғ орасини тўлдирадиган даражада қўй бериб юбордилар. У киши бориб: «Эй қавм, мусулмон бўлинглар. Чунки Муҳаммад алайҳиссалом камбағал бўлиб қолишдан қўрқмаган киши каби саховат қилар эканлар», деди. Анас розияллоҳу анҳу: «Киши мол-дунё умидида мусулмон бўлар эди-да, озгина фурсатдан кейин у кишига дунё ва ундаги нарсалардан ҳам Ислом маҳбуброқ бўлиб қолар эди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

553/11. Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мол тақсим қилдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу берилганлардан кўра берилмаганлар ичида ҳақлироғи бордир», десам, у зот: «Улар мендан беҳаёлик ила сўрашни ихтиёр қилишарди. Мен уларга бериб қутулардим. Ёки мени бахилликда айблашар эди. Ваҳоланки мен бахил эмасман», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

554/12. Жубайр ибн Мутъимдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайн ғазотидан қайтаётганларида аъробийлар Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам ёпишиб олиб, тилана бошлашди. Охири Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам самури дарахти олдига қочишга мажбур этишди. Бас, у зотнинг кийимлари унга илиниб қолди. У зот: «Кийимимни беринглар. Агар мана шу тиконли дарахтлар ададича молим бўлса ҳам, уни ўрталарингизда тақсимлаб берган бўлар эдим. Шунда сизлар менинг бахил, ёлғончи ва қўрқоқ эмаслигимни билар эдинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

555/13. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ таоло кечиримли бўлган бандасининг иззат-шарафини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун ўзини ҳокисор тутса, Аллоҳ таоло унинг мартабасини баланд қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

556/14. Абу Кабша Амр ибн Саъд Анморийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар ҳақида мен қасамёд қилиб, сизларга гапириб бераман. Уларни ёдлаб олинг: 1) Садақа берган банданинг моли камайиб қолмайди. 2) Бир кишига зулм қилинсада, у киши ўша нарсага сабр этса, Аллоҳ таоло унинг иззат-шарафини зиёда қилади. 3) Қайси бир банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ таоло унга камбағаллик эшигини очади», ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар. «Ва яна сизларга гапириб бераман. Уни мендан ёдлаб олинглар. Албатта, дунё тўрт кишиникидир: 1) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳамда илм берган бўлса, у киши Раббисига тақво қилиб, қариндошлари билан алоқаларини боғласа ва бу топган мол-дунёсида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билса, шу киши энг афзал мақомдадир. 2) Аллоҳ таоло бир бандасига илм берган бўлса-ю, мол-дунё бермаган бўлса, аммо бу кишининг нияти холис бўлиб, агар менда ҳам мол-дунё бўлганида эди, фалончи киши каби яхшиликлар қилар эдим деб айтса, бу қилган нияти ила юқоридаги биринчи киши билан савоби тенгдир. 3) Аллоҳ бир бандасига мол-дунё берган бўлса-ю, аммо илм бермаган бўлса, у киши молни андишасиз, пала-партиш ишлатиб, Раббисига тақво қилмасдан, қариндошчилик алоқаларини узиб ва бу топган молида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билмаса, шу киши энг ёмон мақомдадир. 4) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳам, илм ҳам бермаган бўлса, бу киши: «Агар менинг мол-дунёйим бўлганида, фалон киши каби (яъни учинчи кишидек) ишлатар эдим», деб айтса, бу киши мана шу нияти билан учинчи шахс каби гуноҳи тенгдир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

557/15.Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хонадонларида бир қўй сўйилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Оишадан розияллоҳу анҳу «Қўйнинг қаери қолди?» деб сўрадилар. Оиша розияллоҳу анҳу: «Фақат қўл қисми қолди», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаммаси қолиб, фақат қўли кетибди-да», дедилар. (Яъни, «охиратда биз учун қўлидан бошқа ҳаммаси қолибди»). Имом Термизий ривоятлари.

558/16. Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Асмо, нарсаларингни (садақа бермасдан) сақлаб қўйма. Агар шундоқ қилсанг, Аллоҳ ҳам (сенинг ризқингни бермасдан) сақлаб қўяди», дедилар.

Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Молингни инфоқ, эҳсон қил. Уни санама. Агар санайдиган бўлсанг, Аллоҳ ҳам ризқни санаб беради. Молингни ўзингда сақлаб ушлаб турма. Агар сақлайдиган бўлсанг, Аллоҳ ҳам ризқингни бермасдан ушлаб туради», деганлар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

559/17. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бахил билан садақа берувчи (сахий)нинг мисоли худди темир совут кийган икки кишига ўхшайди. У совут кўкрагидан елкаларигачадир. Садақа берувчи сахий агар садақа қилса, совути кенгайиб, бутун баданини ўраб, ҳатто бармоқларини ёпиб, изини қолдирмайди. Аммо бахил бирор нарса садақа қиладиган бўлса, темир либосининг ҳар бир халқаси баданига ёпишиб олади. У уни кенгайтирмоқчи бўлади. Лекин кенгайтира олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бунинг маъноси қуйидагичадир. Агар сахий бирор нарсани ҳар гал молидан эҳсон қилганида совути кенгайиб, узун бўлади, хаттоки у киши орқасидан судраб юрганидан, оёғи - қадам излари кўринмайди. Яъни, кийим баданни тўсганидек садақа ҳам хатоларни тўсади.

560/18. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бир дона хурмо қиймати баробаридаги ҳалол касби орқали топган нарсасини садақа қилса – чунки Аллоҳ фақат ҳалол нарсанигина қабул қилади – албатта, Аллоҳ ўнг томони билан, яъни ниҳоятда хурсандлик ила қабул қилади. Кейин унинг эгасини худди сизлардан бирингиз тойчоғини тарбия этганидек тарбия қилади. Ҳаттоки у тоғ каби бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

561/19. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар. Бир киши чўлда кетаётган эди. Булут ичидан чиқаётган бир овозни эшитди. Унда «Фалончининг боғини суғоргин», дейиларди. Кейин ҳалиги булут жойидан силжиб, бир тошлоқ ерга борди-да, ўзидаги сувни ўша ерга бўшатди. Сел тўпланадиган ерлардан бири у сувнинг барчасини ўзида жамлади. Овоз эшитган киши сув ортидан эргашиб бориб қараса, бир киши боғида таёқ билан сувларнинг йўналишини ҳар тарафга ўзгартириб турибди. Ҳалиги овоз эшитган киши: «Эй Аллоҳнинг бандаси, исминг нима?» деган эди, бу боғдаги киши: «Фалончи», деб ҳалиги булутдан эшитилган исмни айтди. Кейин бу боғдаги киши: «Эй Аллоҳнинг бандаси, нима учун исмимни сўраяпсан?», деганида, ҳалиги киши: «Чунки мен бу сувни келтирган булутдан: «Фалончининг бўстонини суғоргин», деб сенинг исмингни зикр қилганини эшитдим», деб яна: «Сен бу ерда нима билан шуғулланасан?» деб сўраганида, боғбон: «Сен мендан сўрар экансан (бунга жавоб бераман). Мен бу ердан униб чиққан ҳосилга қараб унинг учдан бирини Аллоҳ йўлида садақа қиламан. Учдан бирини ўзим оила аъзоларим билан ейман. Қолган учдан бирини эса (уруғликка олиб қолиш ила) ўзига қайтараман», деди. Имом Муслим ривоятлари.

интернет магазин двд дисков
заказать игры почтой