Аллоҳ таоло: «Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар» (Жумъа сураси, 10-оят), деб айтган.
538/1. Абу Абдуллоҳ Зубайр ибн Аввомдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз арқон олиб, тоққа чиқиб, у ердан орқасига бир боғлам ўтин ортиб, уни сотиши ва Аллоҳ бу иши билан (тиланиш, тамаъдан) сақлаб қолиши сўралганида бериб-бермайдиган кишилардан тиланишдан кўра яхшироқдир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
539/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингизнинг орқасига бир боғлам ўтинни ортиб, кун ўтказиши сўралганида бериб-бермайдиган кишилардан тиланишдан кўра яхшироқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
540/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Довуд алайҳиссалом қўллари ила меҳнат қилиб, ўз касблари орқали тирикчилик қилардилар», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
541/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Закариё алайҳиссалом дурадгор эдилар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
542/5. Миқдод ибн Маъди Карибадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор киши қўли билан меҳнат қилиб, касби орқали еган таомидан яхшироқ таом ея олмайди. Чунки Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам ўз касблари орқали тирикчилик қилардилар», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.