Аллоҳ таолонинг Китобида солиҳ банда шундай дейди: «Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир. Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макр-ҳийлаларидан сақлади» (ўофир сураси, 44–45-оятлар).
440/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Бандам гумон қилган еридан топиламан. Қаерда Мени эсласа, у билан биргадирман. Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан саҳрода туясини йўқотиб, кейин топиб олган кишининг хурсандчилигидан ҳам кўпроқ шод бўлади. Ким Менга бир қарич яқин бўлса, Мен унга бир газ яқин бўламан. Ким Менга бир газ яқин бўлса, Мен унга бир қулоч яқин бўламан. Ким Менга юриб келса, Мен унга югуриб бораман», деди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
441/2. Жобир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан уч кун олдин: «Ҳар бирингиз ўлими пайтида Аллоҳ азза ва жаллага гумонини яхши қилсин», деб айтганларини эшитдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
442/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Эй одам боласи, сен Менга дуо қилдинг ва Мендан умид қилдинг. Мен эса сени гуноҳингга аҳамият бермасдан кечириб юбордим. Эй одам боласи, агар гуноҳинг осмон булутича бўлса ҳам, Менга истиғфор айтсанг, гуноҳингни кечираман. Эй одам боласи, агар Менга ер тўлалигича гуноҳ билан келиб, сўнгра Менга бирор нарсани ширк келтирмасанг, ернинг тўлалигича мағфират билан бораман», деб айтди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.