Аллоҳ таоло: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот сураси, 10-оят), деб айтди. Ва яна Нуҳ алайҳиссалом ҳақларида:
«Мен сизларга насиҳат қиламан» (Аъроф сураси, 62-оят), деганларининг ҳамда Ҳуд алайҳиссалом ҳақларида:
«Мен сизлар учун ишончли насиҳат қилувчиман», деб айтганларининг хабарини берди (Аъроф сураси, 68-оят).
182/1. Абу Руқайя Тамийм ибн Авс ад-Дорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дин хайрихоҳликдир», деганларида, биз: «Ким учун, эй Аллоҳнинг расули?» деб айтдик. Шунда у зот: «Аллоҳга, Унинг китобига, расулига, мусулмонлар имомига ва оммасига», деб айтдилар». Имом Муслим ривоятлари.
(Аллоҳга бўлган хайрихоҳлик – Унга имон келтириб, айтганларини қилиб, қайтариқларидан қайтиш. Китобига бўлган хайрихоҳлик – ундаги нарсаларга бўйсуниб, тиловат қилиш. Расулига бўлган хайрихоҳлик – у олиб келган рисолатни тасдиқлаш. Мусулмонлар имомига бўлган хайрихоҳлик – ҳақ йўлда бўлсалар, уларга ёрдам бериб, итоат қилиш. Оммага бўлган хайрихоҳлик – уларга амру-маъруф, наҳий-мункар қилиб ҳамда азият бермаслик билан бўлади... – тарж.)
183/2. Жарир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга намозни қоим қилишга, закот беришга ва барча мусулмонларга нисбатан хайрихоҳ бўлишга байъат қилдим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
184/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз ўз нафси учун яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам яхши кўрмагунича мўмин бўла олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.