16-БОБ. Суннат ва унинг одобларига бардавом риоя қилиш баёни

Смесители для душа и ванны
Детские игрушки, развивающие игры

Аллоҳ таоло: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр сураси, 7-оят);

«Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм сураси, 3–4-оятлар);

«Айтинг (Эй Муҳаммад), агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли-Имрон сураси, 31-оят);

«(Эй мўминлар), сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (имон-эътиқоди ва хулқи, атвори)да гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят);

«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо сураси, 65-оят);

«Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз, – у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз» (яъни, Қуръон ва суннатга)» (Нисо сураси, 59-оят);

«Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо сураси, 80-оят);

«Албатта сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) тўғри йўлга етаклайсиз. У (йўл) осмонлардаги ва ердаги бор нарса Ўзиники бўлган зот – Аллоҳнинг йўлидир» (Шўро сураси, 52–53-оятлар);

«(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна – кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур сураси, 63-оят);

«Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни, пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар» (Аҳзоб сураси, 34-оят), деб айтган.

156/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга (гапирмасдан) қолдирган нарсаларимда мени ҳам (тинч) қолдиринглар (яъни, мендан ҳар бир нарсани сўрайверманглар). Чунки сизлардан олдинги (қавм)лар кўп савол бериб, пайғамбарлари билан ихтилоф қилишгани сабабли ҳалок бўлишгандир. Агар сизларни бирор нарсадан қайтарсам, ундан четланинглар. Агар бирор ишга буюрсам, қодир бўлганингизча уни бажаринглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

157/2. Абу Нажиҳ Ирбоз ибн Сориядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга етук бир ваъз айтдилар. Қалблар ваҳимага тушди ва кўзлардан ёш оқди. Шунда биз: «Эй Расулуллоҳ, видолашувчи мавъиза бўлса керак, бизга васият қилинг», десак, у зот: «Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни ҳамда агар ҳабаш қул бошлиқ этилса ҳам, эшитиб итоат этишни васият қиламан. Чунки сизлардан қайси бирингиз яшайдиган бўлса, кўп ихтилофларни кўради. Ана шу пайтда менинг суннатимни ва тўғри йўлда юрувчи хулафои рошидинлар суннатини ўзингизга лозим топиб, уни озиқ тишларингиз билан маҳкам тишланглар. Ишларнинг янгисидан четланинглар. Чунки ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

158/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рад қиладиганлардан ташқари умматимнинг барчаси жаннатга киради», деганларида, улар: «Эй Аллоҳнинг расули, рад қиладиганлар ким ўзи?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, батаҳқиқ у рад қилибди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

159/4. Иёс ибн Амр ибн Акваъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида чап қўли билан (таом) еди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнг қўлинг билан егин», дедилар. У киши: «Бунга қодир эмасман», деди. Кибрли эканлигигина (ўнг қўли билан ейишдан) ман қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «(Бундан кейин ҳам) қодир бўлмагин», дедилар. У киши қайтиб ўнг қўлини оғзига етказа олмади. Имом Муслим ривоятлари.

160/5. Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларингизни баробар қилинглар. (Агар бундай қилмасангизлар) Аллоҳ таоло (қалбларингизни ихтилофли қилиб, ораларингизга ғазаб-адоватни солиб қўйиш билан) юзларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятларида қуйидагича айтилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафларимизни гўёки камон ўқларини тергандек текислаб қўярдилар. Бизнинг тушунганимизни кўргунларича шундай қилдилар. Кейин бир куни (бизнинг ҳузуримизга) чиқиб, (намозга киришиш учун) такбир айтаман, деб турганларида, бир киши кўкрагини (бошқаларникига қараганда) бироз чиқариб турганини кўриб: «Эй Аллоҳнинг бандалари, сафларингизни баробар қилинглар. (Агар бундай қилмасангизлар) Аллоҳ таоло юзларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди», дедилар».

161/6. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мадинадаги бир уйда кечаси ёнғин бўлиб, аҳлларига ҳам зарар етди. Булар ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга гапирилганида, «Бу олов сизларнинг душманингиздир. Агар ухлайдиган бўлсангизлар, уни ўчириб қўйинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

162/7. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ мен билан юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли худди ерга тушган ёмғирга ўхшайди. У ер яхши бўлиб, сувни ўзида қабул қилиб, ўт-ўлан ва ўсимликларни ўстиради. Унинг баъзи жойлари қаттиқ бўлиб, ўзида сувни тўплайди. Бу сув билан Аллоҳ инсонларни нафлантиради. У сувдан ичиб, бошқа нарсаларини суғориб, экинларига ҳам қуядилар. Яна бошқа жойлари текис бўлиб, ўзида сув тўпламайди ҳамда ўт-ўлан ўстирмайди. (Аввалгининг) мисоли худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ мен билан юборган нарса унга манфаат бериб, ўзи ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатади. (Иккинчисининг) мисоли бепарво бўлиб, бошини ҳам кўтариб қўймаган кишига ўхшайди. (Учинчиси) менга юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган кишига ўхшайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

163/8. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен билан сизларнинг мисолингиз худди бир киши ўт ёқиб турса, чигиртка ва парвоналар ўзини унга отганида уларни ўтдан ҳайдаган кишига ўхшайди. Мен сизларни ўтга тушиб кетманглар, деб иштонбоғингиздан ушласам, сизлар бўлса, қўлимдан қочиб кетасизлар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

164/9. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (овқат еб бўлгандан кейин) бармоқ ва товоқларни яламоққа буюрдилар. Ва: «Сизлар қайси бирида барака бор эканлигини билмайсизлар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Муслимнинг бошқа ривоятларида қуйидагича келтирилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингизнинг (қўлидан) луқмаси тушиб кетса, унга теккан азиятли нарсани артиб, шайтонга қолдирмасдан ўзи есин. Ва бармоқларини сочиққа артмасдан олдин ялаб олсин. Чунки таомининг қаерида барака борлигини билмайди», дедилар».
Муслимнинг яна бир бошқа ривоятларида эса мана бундай дейилади: «Шайтон кишиларнинг ҳар бир ишида, хатто таомланаётган пайтида ҳам ҳозир бўлади. Агар сизлардан бирингизнинг (қўлидан) луқмаси тушиб кетса, ундаги азиятли нарсани артиб, шайтонга қолдирмасдан ўзи есин».

165/10. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизнинг орамизда туриб қуйидагича ваъз қилдилар: «Эй инсонлар, Аллоҳ таолога ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда тўпланурсизлар. Худди Аллоҳ бу ҳақда: «Биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз», деб айтганига мувофиқ. Огоҳ бўлинг, халойиқлардан биринчи кийим кийгизиладиган зот Иброҳим алайҳиссаломдирлар. Огоҳ бўлинг, умматимдан бир қанча кишилар олиб келиниб, чап томонга (дўзах томонга) олиб борилади. Мен: «Эй Раббим, булар менинг асҳобларим-ку», десам, «Сиздан кейин нималар пайдо қилишганини билмайсиз», дейишади фаришталар. Мен ана шу пайтда солиҳ банда (Исо алайҳиссалом) айтган қуйидаги сўзларни айтаман: «Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан». Кейин менга: «Сиз улардан ажралганингиздан бери орқаларига қайтиб, муртад бўлишда бардавом бўлишди», дейилади». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

166/11. Абу Саид Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (қўл билан) майда тошларни отиб (ўйнашдан) ман қилдилар. Ва: «Бу билан ов ҳам қилиб бўлмайди, душманни ҳам ўлдириб бўлмайди. Фақат у кўзни чиқариб, тишни синдиради, холос», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда қуйидагича келтирилади: «Абдуллоҳ ибн Мағаффалнинг розияллоҳу анҳу бир қариндоши майда тошларни отиб ўйнаётганида, Ибн Муғаффал бундай қилишдан уни қайтарди. Ва: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам майда тошларни отиб ўйнашни ман қилганлар. Чунки у билан ов қилиб бўлмайди», деди. Қариндоши эса яна отаверди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муғаффал: «Сенга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам тош отишни ман қилганларини айтсам, сен яна уни қиляпсан-а, мен сен билан ҳечам гаплашмайман», дедилар».

167/12. Обис ибн Рабийъадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қора тошни ўпа туриб: «Биламан, сен фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдиган бир тошдирсан. Агар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сени ўпганларини кўрмаганимда, мен ҳам сени ўпмас эдим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

интернет магазин двд дисков
заказать игры почтой