4-БОБ. Рост сўзлаш баёни

Смесители для душа и ванны
Детские игрушки, развивающие игры

Аллоҳ таоло:«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва имонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз» (Тавба сураси, 119-оят);

«Ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35-оят);

«Содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди» (Муҳаммад сураси, 21-оят), деб айтган.

54/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта киши рост сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳ ҳузурида сиддиқлардан, деб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Албатта киши ёлғон сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончи, каззоб, деб ёзилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

55/2. Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги айтган нарсаларини ёдлаб олдим: «Шубҳали нарсани шубҳасиз нарсага қолдир. Албатта ростгўйлик хотиржамликдир. Ёлғон эса шубҳалидир». Имом Термизий ривоятлари.

56/3. Абу Суфён Сахр ибн Ҳарбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Ҳирақл қиссасидаги узун ҳадисда келтирилишича, Ҳирақл: «Сизларга пайғамбарингиз, яъни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам нима буюряптилар?» деганида, Абу Суфён: «У пайғамбар якка Аллоҳга ибодат қилиб, бирор нарсани ширк келтирмасликка, оталарингиз айтган нарсаларни тарк қилишга ва намоз ўқиш, рост сўзлаш, иффатли бўлишга, қариндош-уруғларга боғланишга буюрадилар», деди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

57/4. Саҳл ибн Ҳунайфдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Бу зот Бадрда иштирок этганлардан эдилар.) Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳ таолодан сидқидил ила шаҳидликни сўраса, Аллоҳ таоло уни шаҳидлик манзилига етказади. Агар у киши тўшагида вафот этса ҳам», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

58/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Пайғамбарлардан бирлари (уларга Аллоҳнинг саловот ва саломи бўлсин) ғазотга чиқаётиб қавмларига: «Мен билан бирга хотин олган-у, лекин ҳали шаръий қовушмаган; уй қурган-у, лекин ҳали томини ёпмаган; ҳомиладор қўй ва туяларининг туғишини кутаётган одамлар бормасин», дедилар. Сўнгра ғазотни бошладилар. Аср намози ёки шунга яқинроқ  пайт бўлганида, бир қишлоққа яқинлашиб қуёшга қарата: «Сен ҳам ўз ишингга буюрилгансан, мен ҳам ўз ишимга буюрилганман. Аллоҳим, бу қуёшни биздан тўхтат», деганларида, қуёш тўхтаб қолди. Ҳаттоки, Аллоҳ таоло у пайғамбарга фатҳ қилиб берди. Ўлжалар (ғаниматлар) тўпланди. Уни олов ейиш учун келди-да, лекин емади. Шунда пайғамбар: «Ораларингизда ўлжага хиёнат қилган бордир. Ҳар бир қабиладан бир киши менга байъат қилсин», дедилар. Байъатда бир кишининг қўли ёпишиб қолди. Пайғамбар: «Хиёнат сизларнинг қабилангизда экан. Менга қабилангиз байъат қилсин», дедилар. Улар байъат қилишганида, икки ёки уч кишининг қўли ёпишиб қолди. Пайғамбар хиёнат сизларда, деганларида, улар сигирнинг бошидек тиллани олиб келиб қўйишганида, олов келиб, уни еди.
Биздан аввалгилардан бирортасига ўлжалар ҳалол қилинмади. Сўнгра Аллоҳ таоло ўлжаларни бизга ҳалол қилди. Қачонки, биздаги заифлик ва ожизликни кўрганида, биз учун уни ҳалол қилди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

59/6. Абу Холид Ҳаким ибн Ҳизомдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Олди-сотди қилувчига ажралмасларидан олдин ихтиёр бордир. Агар иккилари рост гапириб, муомалани равшан қилишса, олди-сотдиларида барака қилинади. Агар яшириб, ёлғон гапиришса, олди-сотдиларидаги барака ўчирилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

интернет магазин двд дисков
заказать игры почтой