close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Энди, ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунё ҳаётларин охири соати келди. Ул ҳолда Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам волидамиз ҳазрат Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳоға орқалари ила суялуб ўлтуруб эрдилар. Бошларин устида (ёнларига) бир пиёла сув қўюлғон эрди. Ҳар лаҳза муборак қўлларин пиёлаға солуб, муқаддас (муборак) чеҳраларин тар (нам) қилур эрдилар. Рухсори анвар (нурли юз)лари гоҳо қизарур эрди ва гоҳо сарғарур эрди. Муборак забонлари ила дер эрдилар:
لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، إِنَّ لِلْمَوْتِ سَكَرَاتٍ
Яъни “Лаа илааҳа иллаллооҳ, ўлумнинг мундоғ аччиғлари бор экан”.
Бу ҳолатда ҳазрати Оишанинг инилари ҳазрати Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳумо келуб қолдилар. Қўлларида янги мисвок бор эрди. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг назарлари мисвокға тушди. Ҳазрати Оиша филҳол ул мисвокни олдилар. Оғизлариға солуб, бироз чайнаб, юмшатуб бердилар. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам анинг ила бир бор оғизларин мисвок қилдилар. Кейин муқаддас (муборак) забонлари ила:
اللَّهُمَّ الرَّفِيقَ الْأَعْلَى
яъни, “Эй Аллоҳ, мен Рафиқи Аълони ихтиёр этдим”, (дедилар). Бу жумлани деган соатлари муборак қўллари тушуб кетди. Нозанин (гўзал) кўзлари юқориға кўтарилиб, жисми атҳар (покиза жисм)ларидин руҳи ақдас (муборак)лари парвоз айлади.
Тарих ўшал куни ўн иккинчи рабиъул аввал, ўн биринчи санаи ҳижрия, душанба куни, чошт(гоҳ) вақти эрди ва дунёдин сафар қилғон соатларида ёшлари қамарий йил ҳисобича, олтмиш уч сана (йил) тўлуб, тўрт кун зиёда бўлғон эрди.
إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ
Ҳазрати Фотимаи заҳро розияллоҳу анҳо бу ҳодисаи узмо (буюк ҳодиса) устинда дедилар:
يَا أَبَتَاهْ، أَجَابَ رَبًّا دَعَاهْ. يَا أَبَتَاهْ، جَنَّةُ الْفِرْدَوْسِ مَأْوَاهْ. يَا أَبَتَاهْ، إِلَى جِبْرِيلَ نَنْعَاهْ.
“Оҳ отажоним, Парвардигорларин даъватин қабул қилдилар. Оҳ отажоним, жаннатул фирдавс мақомлари бўлди. Оҳ отажоним, ўлум хабарлари дўстлари Жибрил алайҳиссаломға берурмиз”.
Кейин бу дуони қилдилар: “Илоҳо, Фотимани ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қошлариға еткузгил. Илоҳо, мени ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дийдорлари ила масрур айла. Илоҳо, мени бу улуғ мусибат савобидин маҳрум этма ва қиёмат куни шафоати Муҳаммадиядин бенасиб қилма”.
Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасади покларин қучоғларидин ерға қўюб туруб, волидамиз ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо бу алфози муборакани дедилар: “Дариғо (эй воҳ)! Ул Расулики, муҳтожликни бойликдин, мискинликни ғаний (бой)ликдин ортуқ кўруб эрдилар. Афсус, ул Набийки, уммати осий фикрида (уларни ўйлаб,) бирор кеча бутун (тўлиқ) ором қилмаб эрдилар. Оҳ, ул Маҳбубики, бутун умрлари нафслари ила жиҳод қилуб ўтдилар. Воҳ, ул Карампарварки, ҳожатмандлар юзлариға бирор бор дарвозаларин ёпмадилар. Дариғо, ул Мустафоки, душманлар кулфатларидин зарра қадар мукаддари (паришон) хотир бўлмадилар. Ҳақ йўлида қавмлари муборак дандон (тиш)ларин шаҳид этдилар ва муқаддас чеҳраларин мажруҳ айладилар. Оҳ, шундоғ Набийи аъзам ва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун фоний дунёдин сафар қилдилар. Дўстларин фироқлари ила мубталои хунжигар (жигари қон) қилдилар”.
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларин хабарин эшитган саҳобалар ҳаммалари ҳайрону девона ва саргардон бўлдилар. Баъзилари бошларин олуб, саҳроларға чиқуб кетдилар. Баъзилари ҳушдин жудо бўлуб, турган ерларида туруб қолдилар. Ҳазрати амирул муъминин Умар Форуқ розияллоҳу анҳу жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлариға ҳеч ишонмадилар. Парвардигорларин ҳузуриға муножот учун кетгандурлар, деб тасдиқ этмадилар. Шул ҳолатда, ҳазрати халифаи аввал Абу Бакр Сиддиқ етуб келдилар. Масжидда ҳаммани ҳар қисм паришонликда кўрдилар. Тўғри ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо хоналариға кирдилар. Кўрдиларки, жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам жисми ақдас (муборак)лари ерда ётубдур. Устлариға чодир (чойшаб) ташланубдур. Чодирни бош тарафларидин кўтардилар, билдиларки, руҳи атҳар (покиза руҳлари) Рафиқи Аъло тарафиға парвоз айлабдур. Ўзларин устлариға ташладилар. Муборак чеҳралариға чеҳраларин қўйдилар. Пешоналарин ўпдилар. Вужудлари ғарқи ашк (кўз ёшига ғарқ) бўлди. Диллари фироқдин пора-пора бўлди. Бутун ҳаётида кечаю кундуз ажралмай хизматларида парвоналари бўлуб юрган ошиқ дийдорлари (ва) молин, жонин, иззатин, хонумонин (бор будини) йўлларида қурбон қилғон ёри ғор (Ҳиро ғоридаги ҳамроҳ)лари бугун жондин азиз маҳбубидин жудо бўлғонлигин билдилар. Фарёд қилдилар, дедилар: “Эй Маҳбуби ду жаҳон, эй Саййиди кавну макон (бутун олам саййиди)! Ота ва онам жаноблариға фидо бўлсун. Худонинг азалда ёзган ўлуми ўзлариға келубдур. Дунёдин ўтубдурлар. Шамъи ҳаётлари сўнубдур. Парвоналари ўзларидин маҳжур (ҳижронда, айрилиб, маҳрум) қолубдур”.
Бу тариқа алфозлар ила ўзларин машғул этгач, масжидға чиқдилар. Ҳарами шарифда бор мажмаъи азим (улкан жамоат) ўрталарида жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларин эълон учун хутба ўқудилар. Аллоҳ таолоға ҳамд ва жаноб Расулуллоҳға дуруд айтганларидин кейин марҳамат қилдилар:
أَمَّا بَعْدُ، فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ يَعْبُدُ مُحَمَّدًا فَإِنَّ مُحَمَّدًا قَدْ مَاتَ، وَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ يَعْبُدُ اللَّهَ فَإِنَّ اللَّهَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ. قَالَ اللَّهُ: وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِهِ الرُّسُلُ، أَفَإِنْ مَاتَ أَوْ قُتِلَ انْقَلَبْتُمْ عَلى أَعْقَابِكُمْ، وَمنْ يَنْقَلِبْ عَلى عَقِبَيْهِ فَلَنْ يَضُرَّ اللَّهَ شَيْئاً، وَسَيَجْزِي اللَّهُ الشَّاكِرِينَ.
“Кимики, сизлардин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламға бандалик қилуб юрган бўлса, билсунки, ул жаноб бугун вафот қилдилар ва кимики, сизлардин Худоға бандалик қилуб юрган бўлса, билсунки, Худо тирикдур, ҳаргиз ўлмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилурки: “Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдурлар, ул зотдин аввал бир мунча расуллар дунёға келуб кетгандурлар. Оё, эй мусулмонлар! Агар Муҳаммад алайҳиссалом ўлсалар, ё ўлдурулсалар, сизлар аввалғи ҳолларингизға қайтиб кетурсизларми? Кимики, аввалғи ҳолиға қайтиб кетса, ул одам Худоға ҳеч бир зарар еткуза олмас ва Аллоҳ таоло бандаларидин шукргузар (шукр қилувчи) жамоага жазойи хайр (мукофот) ато қилур” .
Бу тақрир (иқрор) хулосаси шулдурки, Пайғамбаримиз инсон эрдилар. Вазифаларин адо қилуб, дунёдин сафар қилдилар. Бизлар ул жанобға ибодат қилмас эрдук. Бизларнинг маъбудимиз ўшал зотнинг маъбудлари Худои қуддус ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ (яккаю ягона, шериги йўқ) эрди. Ул Зот ҳамиша маъбуддур, тирикдур, ўлмак анинг учун муҳол (мумкин эмас)дур.
Бу таълим ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом таълимларидур. Шул таълим ила бизлар дунёда яшармиз. Ўзлари вафот қилғон бўлсалар ҳам, Худолари мавжуддур, динлари ва китоблари бизда боқийдур. Шул динда, шул китоб ҳидояти ила, иншааллоҳ, дунёда давом этурмиз. Охиратға ҳам шул дин ила борурмиз.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу хутбани эшитгач, дедилар: “Гўё мен Қуръонда бу ояти шарифани ўқумагандекман”.
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жисми мубораклари ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо уйларида душанба кундузи тамом (тўлиқ) ва сешанба куни кечаю кундуз турдилар.
Ул саҳобаи киром бил-иттифоқ ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуни жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидин халифатул муслимин таъйин этдилар.
Кейин ғусли шарифға машғул бўлдилар. Бу шараф ҳазрати Алий, ҳазрати Аббос, ҳазрати Фазл ибн Аббос, ҳазрати Қусам ибн Аббос, Усома ибн Зайд ва ҳазрати Шуқрон розияллоҳу анҳумға ҳосил бўлди. Ғусл бергувчи ҳақиқатда саййидуно Алий розияллоҳу анҳу ўзлари эрдилар. Қолғонлари ёрдам беруб турдилар. Жаноб ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ғусл вақтида жисми атҳар (пок)ни ўз сийна (кўкрак)лариға суяб туруб, ғусл қилдурдилар. Муборак қамис (кўйлак)ларин ечмадилар. Қамис устидин сув қуюб, ишқар эрдилар ва дер эрдилар: “Ота ва онам фидолари бўлсун, ё Расулаллоҳ! Тириклик ҳолда нақадар маҳбуб бўлсалар, ўлуклари ҳам шул қадар маҳбубдур”.
Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламни ғусл қилдуруб турулган соатда бадани муқаддасларидин одатда ўлуклардин чиқадурган нарсалар зоҳир бўлмади. Ғуслларидин фориғ бўлунгандин кейин жисми муборакларин уч адад кафанға ўралди. Алар ичинда қамис (кўйлак) ҳам йўқ эрди, амома (салла) ҳам йўқ эрди.
Кейин қайси ерға дафн қилайлук, деб, катталар бир-бирлариға савол беришдилар. Баъзилари масжидға дафн қилайлик, дедилар, баъзилари Бақиъдаги саҳобалари ила дафн қилайлик, дедилар. Шул аснода ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу марҳамат қилдилар: “Мен жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидин эшитган эрдимки, ҳар бир набийни қабзи руҳ бўлғон (жон таслим қилган) мақомлариға дафн қилунур”. Бу сўзға ҳаммалари иттифоқ қилдилар. Жон таслим қилғон ерларин фирош (тўшак)ларин кўтардилар. Ўшал ердин қабри шарифларин қаздилар.
Кейин жасади муборакларин ётадурган курсилариға қўйдилар. Жаноза намозин ўқулмакға эълон бўлди. Кейин тамом халқ жамоа-жамоа бўлушуб, ҳужраи шарифаға жаноза намози учун кира бошладилар. Аввал эрлар жаноза ўқудилар, кейин хотунлар, кейин ёш болалар ўқудилар. Жаноза намозиға ҳеч ким имом бўлмади. Ҳамма кирганлар ўз-ўзлари беимом жаноза ўқудилар. Намози жаноза ўқулуб бўлғондин кейин (сешанбадан) чоршанба(га ўтар) кечаси, ярим кечада саййидуно Алий розияллоҳу анҳу қўллари ила ва ғуслда шерик бўлганлар ёрдамлари ила жисми атҳар (пок жисмлари) ва вужуди анвар (нурли вужудлари)ни қабри шарифға дохил қилунди.
Қабри карим ердин бир қариш кўтарилди. Бас, кейин ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу қабри шариф устлариға сув сепдилар. Баъзи ривоятда жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозаларида намоз ўқуғувчилар бу дуони ўқур эрдилар, деганлари манқул (нақл қилинган)дур:
إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا ، لَبَّيْكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَسَعْدَيْكَ، صَلَوَاتُ اللهِ الْبَرِّ الرَّحِيمِ، وَالْمَلَائِكَةِ الْمُقَرَّبِينَ، وَالنَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ وَالصَّالِحِينَ، وَمَا سَبَّحَ لَكَ مِنْ شَيْءٍ يَا رَبَّ الْعَالَمِينَ، عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدِ بْنِ عَبْدِ اللهِ خَاتَمِ النَّبِيِّينَ، وَسَيِّدِ الْمُرْسَلِينَ، وَإِمَامِ الْمُتَّقِينَ، وَرَسُولِ رَبِّ الْعَالَمِينَ، اَلشَّاهِدِ الْبَشِيرِ الدَّاعِى إِلَيْكَ، بِإِذْنِكَ السِّرَاجِ الْمُنِيرِ، وَعَلَيْهِ السَّلَامُ.
Бу дуруди шариф таржимаси “Ҳизби аъзам”да ёзилгандур.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase