close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хайбар шаҳри Мадинанинг Шом тарафларида уч (балки, 4-5) манзил (кун)лик бир мақомдур. Бу шаҳар яҳудлар ила обод бўлуб, атрофиға мустаҳкам неча қалъа бино қилунғон эрди. Яҳудийларнинг эътимод (ишонч)лари шул мустаҳкам қалъалариға зиёда эрди. Анинг учун тамом бефикр эрдилар.
Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбийя воқеасидин Мадинаға қайтиб келуб, бир ой ҳам ором олғонлари йўқ эрди. Яко-як (бирин-кетин) хабарлар тарқалдики, Хайбар яҳудлари Мадинаға ҳамла ва ҳужум қилмак учун буюк тайёргарлик кўруб турубдурлар. Мумкиндурки, оз кунларда бирдин ҳамла қилсалар. Хандақ урушида кўрган шикаст ва расволикларин интиқомин олса(лар). Ҳатто алар Ғатафон қабиласидин тўрт минг ҳарбий навжувон (ёш) баҳодирларни ҳам ўзлари ила ҳамхаёл (ҳамфикр) қилуб олубдурлар. Алар ила шундоғ муоҳада тузубдурларки, агар Мадинани олсалар, Хайбарнинг сана (йил)лик ҳосилотин ярми ғатафонликларға ҳамиша берилуб турур.
Мусулмонлар мундин аввал душманлар муҳосара (қамал)ларида қолиш азиятин Аҳзоб – Хандақ урушида тажриба қилғон эрдилар. Ул воқеа ҳануз хотирларидин чиққон йўқ эрди. Анинг учун тамом мусулмонлар душманни Мадинага келишдин аввал олдини олмакни бил-иттифоқ муносиб кўрдилар.
Жаноб Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғазотда фақат шул жамоаи асҳобни ҳамроҳ олдиларки, алар ҳақларида сураи Фатҳнинг
لَقَدْ رَضِيَ اللَّهُ عَنِ الْمُؤْمِنِينَ إِذْ يُبَايِعُونَكَ تَحْتَ الشَّجَرَةِ فَعَلِمَ مَا فِي قُلُوبِهِمْ...
(“(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан – улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида – рози бўлди. Бас, У Зот уларнинг дилларидаги нарсани билди...” 18-)ояти нозил бўлғон эрди ва аларға
وَعَدَكُمُ اللَّهُ مَغَانِمَ كَثِيرَةً تَأْخُذُونَهَا...
(“(Эй мўминлар), Аллоҳ сизларга кўпдан-кўп ўлжаларни ваъда қилдики, сизлар уларни олурсизлар...” 20-)ояти ила башорат берилган эрди.
Аларнинг таъдод (адад)лари бир минг тўрт юз адад эрди. Ичларида икки юз нафар отлиғлари ҳам бор эрди. Бу лашкарда йигирма адад хотун саҳобиялар ҳам бор эрдилар. Буларни бемор ва ярадор саҳобалардин хабар олмак учун хизматлариға олунғон эрди.
Ислом лашкари Мадинадин еттинчи санаи ҳижрия муҳаррам (ойи)да жўнаб, кечқурун Хайбар ҳудудиға дохил бўлдилар. Маърака (жанг майдони) учун шундоғ бир мақомни ихтиёр этдиларки, ул ер аҳли Хайбар ила Бани Ғатафон ўрталарида эрди. Бу тадбирнинг фоидаси шул бўлдики, Хайбар яҳудлариға мадад бермак учун йўлға чиқғон Ғатафон баҳодирлари лашкари Исломни йўлда кўруб, оҳистагина орқалариға қайтиб кетдилар.
Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шул мақомни лашкарнинг ҳарбий маркази бўлсун, деб ҳукм бердилар. Ҳар тарафға аскарлар шул ердин жўнатилур эрдилар. Тамом аҳком (ҳукмлар) ва интизомлар шул ердин содир бўлур эрди. Мусулмонлар шул ерға филҳол бир масжид (намозгоҳ) тайёр қилуб олдилар, токи бир тарафдин муҳораба ва иккинчи тарафдин таблиғи Ислом вазифалари анжом (адо) тобсун.
Саййидуно Усмон розияллоҳу анҳу шул марказнинг масъул мудири таъйин этулдилар. Лашкарнинг муқаддимаси (олд қисми)ға жаноб саййиди Уккоша ва майманаси (ўнг қаноти)ға ҳазрати амирул муъминин Умар розияллоҳу анҳу сардор таъйин қилундилар.
Хайбар мамлакатининг истеҳкоми учун ўнг ва сўл тарафидин ўн забардаст қалъа бино қилунғон эрди. Ҳар қалъада (салкам) минг адад ниҳоятда тажрибалик жанги моҳирлар турур эрдилар.
Бу қалъалар силсиласи уч мажмуаға бўлунуб, бир-биридин алоҳида эрди. Биринчи мажмуани Натот қўрғонлари дейилур эрди. Анда Ҳисни Саъб ва Ҳисни Қулла деган қалъалар бор эрди. Иккинчи мажмуани Шиқ қўрғонлари дейилуб, анда Ҳисни Убай ва Ҳисни Бариъ деган қўрғонлар бор эрди. Учунчи мажмуани Ҳисни Қамус, Ҳисни Ватиҳ ва Ҳисни Сулолим дер эрдилар. Аҳли сийратдин баъзилари бу қалъаларнинг ададин олти ё етти адад дебдурлар.
Асҳоби киромдин жаноб Маҳмуд ибн Маслама розияллоҳу анҳуни ҳамла қилғувчи лашкарларға сардор таъйин этулди. Ҳазрат Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам зоти ақдаслари ҳам шул жамоаға қўшулдилар.
Бу жамоа ҳаммадин муқаддам Натот қўрғонлариға ҳамлаи шуруъ қилдилар. Бу мақом Хайбарнинг шарқий тарафида эрди. Жаноб саййидуно Маҳмуд ибн Маслама розияллоҳу анҳу беш кунғача баробар пайдарпай ҳамла қилуб турдилар. Лекин қалъа фатҳ этулмади. Бешинчи кун ҳаво исиб кетган сабабдин қалъа остида бир девор соясида озроқ ором олмак қасдида ётуб эрдилар, Кинона ном бир яҳудий тефадин катта бир тошни тефалариға ташлаб эрди, андин ул жаноб шаҳид бўлдилар.
Укалари Муҳаммад ибн Маслама лашкар ихтиёрин ўз қўллариға олуб, ниҳоятда улуғ муҳораба қилдилар. Бу жанобнинг раъйлари шул эрдики, яҳудларнинг хурмозорларин тамом кесуб ташлансун, чунки аларнинг бир адад хурмо дарахтлари бир фарзанд баробарида маҳбуб ва марғуб эрди. Бу тадбир ила қалъа ичидагиларға албатта оғир шикаст берилган бўлур. Жанобнинг бу раъйлариға амал қилунуб, бир мунча хурмо дарахтлари кесилуб эрди, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам хизмати ақдас (муборак)лариға келуб, дедиларки: “Ё Расулаллоҳ, бу қалъа албатта мусулмонлар қўлларидин фатҳ этулиши муҳаққақдур. На учун ўз қўлларимиз ила ўз молларимизни барбод этурмиз?” Жаноб Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васалламға бу раъй мақбул кўрулди. Филҳол Муҳаммад ибн Маслама жаноблариға дарахтларни кесилмасун, деб ҳукм юбордилар.
Шом вақтида жаноб Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу ҳузури набавий соллаллоҳу алайҳи васалламға ҳозир бўлуб, биродарлари Маҳмуд ибн Маслама розияллоҳу анҳунинг шаҳодат қиссаларин ўз оғизлари ила баён қилдилар.
Кейин жаноб рисолатмаоб соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: “Эрта куни иншааллоҳ, бутун лашкарнинг бош байроқини шундоғ бир инсон қўлиға тобшурурманки, ул киши Худони ва Расули Худони дўст тутур, Худо ва Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ул кишини дўст тутурлар. Аллоҳ таоло анинг қўлида бу мамлакатни фатҳ этур”.
Жаноб Расули меҳрибон соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларидин бу таърифни эшитгач, саҳобаи киром ичларида бор буюк баҳодирлар ҳаммалари бу башоратни олмак орзусида бўлдилар.
Ўшал кеча бутун лашкарнинг пойламак ва сақламак вазифаси жаноб саййидуно Умар розияллоҳу анҳу навбатлари эрди. Ул жаноб бир яҳудийни тутуб, ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға келтурдилар. Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозиға машғул эрдилар. Намоздин фориғ бўлуб, яҳудийни сўзға солдилар. Яҳудий деди: “Агар мусулмонлар менга ва аҳлу авлодимға омон(лик) берсалар, бир мунча ҳарбий роз (сир)ларни баён этурман. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам анга омон(лик) ваъдасини бердилар. Кейин яҳудий хабар бердики: “Натот қўрғонидаги яҳудлар бу кеча аҳлу авлодларини Шиқ қўрғониға юбормакдалар ва тамом нақдина (нақд пул, қийматли мол) асбобларини Натот қўрғонин ичкари тарафиға дафн қилмакдалар. Менга ўшал мақом маълумдур. Мусулмонлар Натот қалъасини олсалар, мен ул ерни кўрсатуб берурман”. Ва ҳам яҳудий дедики: “Шиқ қалъасини ер остидаги уйларда қалъаларни бузадурган манжаниқлар ва бошқа ҳар қисм асбоблар қўюлгандур. Қачон мусулмонлар Шиқ қалъасини ҳам фатҳ этсалар, ул асбоблар турган махфий уйларни кўрсатуб берурман”.
Ўшал кеча ўтуб, тонг отгандин кейин Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Алий ибн Абу Толиб қани?” деб сўрадилар. Саҳобалар дедиларки: “Ул жаноб кўзлари оғриб, бемор ётубдурлар”. Амр қилдилар, одам боруб, чақируб келди. Ҳазрати Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам (Алий розияллоҳу анҳунинг) ҳар икки кўзлариға муборак туфукларини суркадилар. Филҳол икки кўзлари очилди, дард ҳам қолмади, варам (шиш, яллиғланиш) ҳам қолмади.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иршод қилдилар: “Ё Алий, бор, фарзандим! Худо йўлида кофирлар ила жиҳод айлагил-да, аввал халқни Ислому иймонға даъват бергил. Қабул қилмасалар, ул ҳолда жанг қил. Эй Алий, бир инсон сен сабаб бўлуб, мусулмон бўлуб қолса, олам-олам ғанимат олғонингдин бу яхшироғдур”.
Бу фармони набавийни олғон замон жаноб Алий каррамаллоҳу важҳаҳу юруш қилдилар. Ҳаммадин аввал қалъаи Ноъим тарафиға ҳамла бошладилар. Қалъа муқобили (тўғриси)да майдони жанг тузулди.
Яҳудлар тарафларидин Марҳаб ном паҳлавон мубораза (яккама-якка олишув)ға чиқди. Бу паҳлавон танҳо ўзини минг баҳодир баробарида кўрур эрди. Араб одатича шеърлар ўқуб, мубориз (яккама-якка курашувчи) талаб қилди. Бу тарафдин жаноб Омир ибн Акваъ розияллоҳу анҳу муқобилиға чиқдилар. Лекин ул кофир ила мубораза этуб туруб, шаҳид бўлдилар.
Кейин жаноб саййидуно Алий муртазо ўзлари майдонға тушдилар. Биринчи ҳамлада шундоғ урдиларки, қиличлари қалқонин ва амома (салла)син кесуб, бошин икки бўлуб, гарданиға етуб жойланди.
Кейин (Марҳабнинг) биродари Ёсир чиқди, ани саййидуно Зубайр розияллоҳу анҳу бир ҳамлада туфроғга белаб ташладилар.
Кейин жаноб Алий каррамаллоҳу важҳаҳу ом (оммавий) ҳамлаға амр бердилар. Соатлар ўтмай туруб, қалъаи Ноъим фатҳ бўлди. Ўшал кун жаноб Ҳубоб ибн Мунзир розияллоҳу анҳу муҳосара (қамал)ларида турган қалъаи Саъб учунчи куни фатҳ этулди. Бу қалъадин мусулмонларға арфа, хурмо, маска ёғ, зайтун ёғи ва газламалар ғанимат тушди. Лашкари Исломда озуқ ва бошқа нарсалар озайган эрди, алҳамду лиллоҳ, бу камчилик кўтарилди. Шул қалъадин уруш асбоблари яҳудий жосус хабарича қўлға келди. Мундин бир кун илгари Натот қалъаси ҳам фатҳ қилунғон эрди.
Энди, навбат қалъаи Зубайрға келди. Мусулмонлар ҳаммалари баробарликда ул қалъаға ҳамлаи шуруъ қилдилар. Бу қалъа бир тоғ каби баландликда эрди. Зубайр ном яҳудий кўб буюк тадбир ила бино қилдурғон эрди. Ҳамла қилуб, икки кун ўтгандин кейин бир яҳудий Ислом лашкариға келди ва дедики: “Эй мусулмонлар! Бу қалъани сизлар ойлар ҳамла қилсангизлар ҳам фатҳ эта олмассизлар. Мен сизларға бир махфий роз (сир)ни баён қилурман. Бу қалъаға сув ер остидин бир нов (тарнов, ариқ) воситаси ила келур. Агар шул новни банд қилунса, ул ҳолда ичкариға сув кирмай қолур. Яҳудийлар ночор бўлуб, қалъа фатҳ этулса, мумкиндур. Бу сўзни эшитган замон мусулмонлар сув йўлини тўсдилар. Ичкаридаги яҳудлар мажбур бўлуб, ташқариға чиқуб, уруш қилдилар. Кейин мусулмонлар ғолиб келуб, бу қалъани ҳам фатҳ этдилар.
Андин фориғ бўлуб, Ҳисни Убай тарафиға ҳамлаи шуруъ қилдилар. Бу қалъадагилар кўб шиддатлик мудофаа қилдилар. Алар ичларида Ғазвон номлик бир паҳлавон бор эрди. Майдонға чиқуб, мубориз талаб қилди. Саййидуно Ҳубоб розияллоҳу анҳу анинг рўбарўсиға бордилар. Лаҳза ичинда Ғазвоннинг ўнг қўли кесилуб кетди. Ўзи қалъа тарафиға ўзини олди. Ҳазрати Ҳубоб анинг орқасидин етуб боруб, пошнасиға қилич солдилар. Томури кесилуб, ерға йиқилди. Ўшал ерда жаҳаннамға равона бўлди.
Кейин қалъа тарафидин яна бир паҳлавон майдонға чиқди. Анинг муқобилиға бир мусулмон чиқди, лекин ул кофир қўлида шаҳид бўлди. Кейин жаноб саййидуно Абу Дужона розияллоҳу анҳу майдонға тушдилар. Борган замон ул кофирни ишини тамом қилдилар. Бу ҳолни кўруб, яҳудларға бир қисм ҳайбат пайдо бўлди. Ташқариға чиқа олмадилар.
Кейин жаноб Абу Дужона қалъа тарафиға югурдилар. Наъраи такбир айтган ҳолларида қалъа девориға ёпушуб, ўзларин тефаға олдилар. Лаҳза ичида қалъани фатҳ этдилар. Қалъадагилар тамом қочуб кетдилар. Мусулмонлар қўллариға кўб қўй, эчки, либос ва асбоблар ғанимат тушди.
Кейин мусулмонлар Ҳисни Бариъға ҳамла қилдилар. Бу қалъада бор яҳудлар мусулмонлар тефаларидин ўқлару тошлар бўронин ёғдурдилар. Мусулмонлар алар муқобилларида баробар турдилар. Охир қалъа деворларин манжаниқлар ила бузуб, қалъани фатҳ этдилар. Бул охири қалъани фатҳи ила гўё бутун Хайбар мамлакати комил фатҳ этулди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase