close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Парвардигор инояти, мусулмонлар учун шундоғ бир тадбир кўрдики, Ғатафон қабиласидин Нуъайм ибн Масъуд ном бир зот оҳиста ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хизмати ақдас (муборак)лариға келди ва арз қилдики: “Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ таоло (фазлу) карами ва тавфиқи ила мен, алҳамду лиллоҳ, мусулмон бўлдум. Менинг мусулмон бўлғонлигимни Худодин бошқа ҳеч бир киши билмади. Менинг учун бир муносиб хизмат бўлса, буюрсунлар, банда (яъни, мен) ҳозирдурман”. Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу воқеадин ниҳоятда хуш бўлуб дедилар: “Эй биродарим Нуъайм! Сен бизлардин бўлдунг, қўлунгдин келса, қайси бир йўл била бўлса бўлсун, душманларни чораларин кўргил”.
Бу сўзни эшитуб, Нуъайм Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларидин жўнади. Тўғри Мадина яҳудлари Бани Қурайза сардорларин қошлариға борди ва деди: “Эй жамоа, сизлар мени танурсизлар ва сизларға нақадар муҳаббатим бор, яхши билурсизлар”. Алар дедилар: “Оре, билурмиз. Сен бизнинг дўстумиздурсан, хулусинг (холислигинг)ни яхши билурмиз”. Нуъайм деди: “Бу келган Қурайш ва Ғатафон мадиналик эмасдурлар. Мадина сизларнинг ўз шаҳарларингиздур. Аҳлу авлодларингиз, молу давлатларингиз Мадинададур. Мадинани ташлаб, бошқа бир тарафға кета олмайдурсизлар. Қурайш ва Ғатафон Муҳаммад алайҳиссалом ила урушгали келгандурлар. Сизлар Муҳаммаднинг душманлариға мадад беруб турубдурсизлар. Қурайш ва Ғатафон ғолиб кела олмасалар, ўз ватанлариға ёнуб кетурлар. Ул ҳолда сизлар Мадинада танҳо қолурсизлар. Мусулмонлар ила баробар кела олмассизлар. Энди, менинг сизларға холис насиҳатим шулдурки, сизлар Қурайш жамоаси (қабиласи)дин бир неча катталарин гаров олуб сақланглар. Кейин мусулмонлар ила урушунглар. Бўлмаса, Қурайш сўзиға эътимод этуб (суяниб), ўз-ўзларингизни барбод этманглар”. Бани Қурайза сардорлари Нуъаймдин бу сўзни эшитуб, раъйиға офарин, дедилар ва деганин қилмакчи бўлдилар.
Кейин Нуъайм оҳиста Қурайш жамоаси (қабиласи)ға борди. Абу Суфённи ва бошқа сардорларни топуб кўрди ва дедики: “Мен Мадина яҳудларин тарафларидин ажиб бир хабар эшитдим. Алар сизларға қўшулуб, Муҳаммад ила урушганликлариға пушаймон бўлубдурлар. Муҳаммадға одам юборубдурларки, бизлар Қурайшдин ва Ғатафондин бир неча сардорларини олуб, сизға тобшурайлик. Сиз аларни ўлдурунг. Кейин бизларнинг гуноҳимизни афв этинг. Биз мундин кейин сиз ила бир бўлуб, Қурайш, Ғатафон ила урушайлик. Муҳаммад яҳудларнинг бу сўзларин қабул этубдур. Энди, эй Қурайш, ҳушёр бўлунглар. Бани Қурайзаға бирор кишини ҳам берманглар ва алар ҳийлалариға дучор бўлманглар. Менинг сўзумни ҳеч кишиға деманглар”. Қурайш сардорлари бу сўзни эшитгач, Нуъаймдин мамнун бўлдилар.
Кейин Нуъайм ўз қавми Ғатафонға борди ва аларға дедики: “Эй Ғатафон жамоаси, сизлар менинг ўз қавмим ва ўз жамоатимдурсизлар. Мен сизларни ҳаммадин яхши кўрурман. Сизлар ҳам мени амин (омонатли, ишончли, ростгўй деб) билурсизлар. Сўзумни эшитурсизлар. Деган сўзумни махфий тутурсизлар”. Алар дедилар: “Оре, сен бизнинг жигарбандимиздурсан, бизға хайрхоҳдурсан. Биз сени амин билурмиз. Розинг (гапинг)ни ҳеч кимға демасмиз. Қани, нима хабар эшитдинг? Сўзлагил, билайлук”, дедилар. Кейин Нуъайм Қурайш сардорлариға деган сўзларин буларға ҳам деди.
Кейин Қурайш жамоаси Ғатафон жамоаси ила машвара қилуб, эртасиға Бани Қурайза тарафиға Икрима ибн Абу Жаҳлни вакил қилуб, Қурайш ва Ғатафондин бир неча кишини қўшуб юбордилар. Ўшал кун шанба куни эрди. Вакиллар боруб дедилар: “Бизлар бул ерда оғир бир ҳолда қолдук. Ҳар тарафдин кўб қийналдук. Сизлардин умидимиз шулдурки, уруш учун тайёрлик қилинглар, токи ҳаммамиз бир бўлуб, мусулмонларға ҳамла қилсак, тезроқ фориғ бўлурмиз”. Бани Қурайза бу вакиллар сўзлариға баҳо (аҳамият) бермадилар, дедиларки: “Бугун шанба кунидур, бугун биз ҳеч бир иш қила олмасмиз. Иккинчи сўзумиз шулки, биз сизларға ишонмай қолдук. Аввал сизлар катталарингиздин бир нечаларин бизнинг ҳузуримизға гаров қўюрсизлар. Уруш тамом бўлғондин кейин сизларға тобшурурмиз”. Бани Қурайзанинг бу сўзин вакиллар эшитуб дедиларки: “Бечора Нуъайм бизларни хўб огоҳ этубдур, ҳамма деган сўзи рост чиқди”.
Кейин вакиллар Бани Қурайзанинг бузулганликларин сафо (аниқ) билуб, ёнуб кетдилар. Гаров беришға Қурайш ҳам унамади, Ғатафон ҳам унамади. Бу ҳолни кўруб, Бани Қурайза жамоаси дедиларки: “Нуъаймнинг сўзи рост чиқди. Булар бизларға фириб бермакчи эканлар”.
Кейин душманлар ҳоллари бу суратда паришон бўла бошлади. Бунинг устиға Аллоҳ таоло бир совуқ шамол юбордики, аларнинг тамом хайма (чодир)ларин ағдаруб ташлади. Ва қозону табақлари ўчоқлар устидин тўнтарилуб тушди. Хавфлари яна зиёда бўлди. Ўзларин йўқотуб қўйдилар. Ҳолат шул даражаға етганда, Абу Суфён – Қурайш сардори ўз лашкариға кўчмак учун амр берди ва Бани Қурайза бевафолигин баҳона қилуб туруб, Мадинадин Маккаи Мукаррама тарафлариға равона бўлди. Тамом лашкар баробар ёнди (қайтди)лар. Бу воқеани кўруб, Ғатафон жамоаси ҳам равона бўлдилар.
Аввалда буюк дабдабалар ила келган золим душманлар Аллоҳ таолонинг марҳамати ила ҳаммалари майдонни ташлаб қочдилар. Мусулмонлар бир ой муҳосара (қамал)да қолуб, охир(-оқибат) ғаму ташвишдин нажот топдилар.
Бу бўлуб ўтган воқеалар ҳақида сураи Аҳзоб нозил бўлди. Бу ғазотни “Ғазватул хандақ” ҳам дерлар ва “Ғазватул аҳзоб” ҳам дерлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase