- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Уҳуд ғазотидин қайтур вақтинда Абу Суфён мусулмонларға таҳдид қилуб эрдики, келар санада (келаси йили) Бадр мақомида мусулмонлар ила ниҳоятда оғир уруш қилурлар. Бу таҳдид устидин иккинчи йил ваъдасиға вафо қилмакчи бўлди. Мадинаға ҳар турлук қўрқунчлик хабарлар юборди. Мусулмонлар ёлғон хабарларға парво қилмадилар, балки иймонлари яна зиёда бўлди.
Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир минг беш юз саҳоба ила Мадинадин жўнаб, Бадрға бордилар. Мушриклардин бирор кишини ҳам ул ерда топмадилар. Чунки Абу Суфён лашкарларин тўплаб Маккадин чиқғон ерида яна қайтуб кетган эрди. Мусулмонлар бир неча кун Бадрда туруб, яна саломат Мадинаға ёнуб (қайтиб) кетдилар. Бу воқеа ҳижратнинг тўртунчи санаси (шаъбон ойи)да бўлуб ўтди.