- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Мадинаи Мунаввара аҳллари ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадин Мадина тарафлариға мутаважжиҳ бўлғон (йўл олган)ликларин эшитуб, ҳар кун йўллариға чиқуб, қудуми мубораклариға интизорда турур эрдилар. Ҳаво қизиганча турушуб, кейин ёнушуб (қайтиб) кетушур эрдилар.
Бир кун узоқ интизордин кейин шаҳарға қайтуб кирган соатларида, бир яҳудий ўз иши учун бир баланд маҳал (жой, яъни қўрғон)ға чиқуб эрди, кўзи бир неча йўловчиға тушдики, қоралари гоҳо кўрунур, гоҳо кўрунмас. Бирдин ниҳоятда баланд овоз ила нидо қилдики: “Ё маъшарал араб (ҳой араблар жамоаси)! Мана, орзуларида мунтазир турган мақсуду маҳбубларингиз етуб келдилар”.
Бу овозни эшитган аҳли Мадина ҳаммалари силоҳ (қурол-яроғ)ларин тақинуб, истиқболлариға чиқдилар. Мадинанинг Макка тарафидаги ҳудудида зиёрат саодатиға мушарраф бўлдилар. Бу мухталиф (турли) жамоаларнинг ҳар бир фард (шахс)лари ҳазрат Расули маъсум соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз хона(дон)лариға меҳмон қилмак орзусида эрдилар. Лекин жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларидин тушмай, тизгинини бўш қўюб бердилар. Қайси тарафға бурулса, тўсмадилар. Ҳар ким тўхтатмакчи бўлса ва ўз уйиға тушурмакчи бўлса, “Туяни ўз ҳолиға қўюнгларки, бу жонивор Аллоҳ таоло тарафидин маъмур (амр олган)дур. Ул амр қилган ерда ўзи тўхтаб, чўкур”, дедилар. Кейин туя юра-юра, бир ерға етуб тўхтади ва ўшал ерға чўкди. Бу ер ҳазрати Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйларин муқобили (рўбарўси)да бир холи ер эрди. Тоға жамоа (уруғ)лари бўлғон Бани Нажжордин икки етим боланинг ерлари эрди. Ҳозирғи Масжиди Набавийи қадимнинг, ҳужраи саодат ва қабри шарифнинг ўрунлари шул ердур. Туяни шул ерға чўкғонин кўруб, ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мана шул ер бизнинг манзилимиздур”, дедилар ва бу дуони ўқудилар:
رَبِّ أَنْزِلْنِي مُنْزَلًا مُبَارَكًا وَأَنْتَ خَيْرُ الْمُنْزِلِينَ
“Эй Раббим, мени бир муборак манзилға тушургил ва Сендурсан ҳаммадин яхши меҳмоннавоз”.
Кейин жаноб ҳазрати Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу туя устидаги юкларни ўз уйлариға олуб кирдилар ва туяни жаноб Асъад ибн Зурора ўз уйларида сақладилар. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Абу Айюб Ансорий уйларида меҳмон бўлуб турдилар.
Ҳар кеча ансори киром буюкларин хона(дон)ларидин зиёфат дастурхонлари келуб турди. Муҳожирини киром розияллоҳу анҳум жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға жам бўла бошладилар. Бу Ҳазратни ўз уйларида меҳмон сақламак учун ансори киром розияллоҳу анҳум ўз ўрталарида тортишдилар. Кейин ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам қуръаға амр қилдилар. Қуръада қайси ансор номлариға чиқса, ани олуб кетур эрдилар.
Мадиналик ансори киром розияллоҳу анҳум диний биродарлари бўлғон муҳожирини киром розияллоҳу анҳум ҳақларида тарихи башар кўрмаган ва эшитмаган бир тариқада ҳамдардлик ва жонфидоликлар қилдиларки, тиллар ани баёнидин, қаламлар ани китобатидин ожиздур. Аллоҳ ҳар икки жамоани бир-бирлариға шул қадар меҳрибон айладики, бу қадар меҳру муҳаббат насабий биродарларда бўлуши номумкиндур. Ана шул муҳаббату иттифоқларин баракатидин алар оламға молик бўлдилар. Бутун дунё борича муборак номлари ва муқаддас авсофлари (муборак сифатлари) зинда (боқий) қолди.
Бизнинг замонамиздаги мусулмонлар, бечоралар бу таълимотдин маҳрум бўлғон сабабларидин, ака укасин қониға ташнадур ва бола отасин жон душманидур. Кошки, биз мусулмонлар ҳам ўтган салафларимиз сийратларидин ибратлар олуб, ҳақиқий мусулмонлардин бўлсак, ҳозирғи ялқовлик, роҳатпарастлик наҳусти (иллати)дин қутулсак.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшал туялари чўккан ерни эгаларидин сотуб олдилар. Анга Масжиди шарифни, ҳужуроти муборака (муборак ҳужралар)ни бино қилдилар. Ўшал ерда қолғон умрларини ўткардилар ва ўшал ерға муборак жасадлари дафн этулди, соллаллоҳу алайҳи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи васаллам.