close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам халқ ила яхши алоқа қилуб турдилар. Ўшал кунларда Қурайш жамоаси (қабиласи) Каъбаи шарифа иморатларин таждид қилмак (янгилаш) хусусида ўзаро маслаҳатда эрдилар. Чунки ниҳоятда зўр бир ёғин келуб, Маккаға катта бир сел келган эрди ва Каъбаи шарифанинг деворлари сел ҳужумидин ёрилиб, асоси камзўр (кучсиз) бўлғон эрди.
Иттифоқо, ўшал кунларда тасодифан Мисрдин келуб турган бир кемани дарё (Қизил денгиз) тўфони Жидда соҳилиға отуб ташлаган эрди. Бу кема тижорат кемаси бўлуб, молики (эгаси) Боқум номлик бир румий савдогар эрди. Қурайш бу воқеани эшитгач, алар тарафларидин Валид ибн Муғийра бир катта жамоа ила Жиддаға тушди ва кемани Боқумдин сотуб олдилар. Каъба таъмири учун Боқумдин мусоъада (ёрдам) талаб қилдилар, ул ҳам қабул этди ва аввалдин Маккада бир нажжори қибтий (асл мисрлик дурадгор) ҳам бор эрди, ул ҳам ёрдам қилмакчи бўлди.
Вақтики, иморатға шуруъ қилдилар (қайта қуришни бошладилар), тамоми қабилалар (Қурайш қабиласининг барча уруғлари) бу муборак таъмирға шерик бўлдилар. Лекин Ҳажари Асвадни ўз ўрниға қўюшда шиддатлик ихтилоф пайдо бўлди. Ҳар бир қабила (уруғ) бу тошни биз қўяйлик, дер эрди. Комил тўрт кун бу жанжал давом этди, охири Қурайшнинг ҳаммадин ёшда улуғ бир сардорлари Абу Умайя ибн Муғийра раъй (фикр) бердики, бу хусусда ҳамма бил-иттифоқ бир кишини ҳакам қилсунлар, ўшал ҳакам нима ҳукм қилса, ҳамма қабул этсун. Бу маслаҳат ҳаммаға мақбул бўлуб, дедиларки, шул соатда кимики ҳаммадин аввал Ҳарам (Масжиди Ҳаром ҳудуди)ға (шарқий-марказий дарвоза – “Салом” эшигидан) кирса, ани ҳакам қилайлук ва анга итоат қилайлук.
Иттифоқо, ўшал лаҳзада Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳарамға кируб қолдилар. Ҳамма баробар {هذا الامين رضيناه} “Ҳазал Амин, розийнаҳу” дедилар, яъни мана, амин (омонатли, ишончли) бир зот келдилар, шул зотни ҳакам қилдук, нима ҳукм қилсалар, розидурмиз.
Кейин жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камоли зийракликларидин бир ажиб тадбир кўрдиларки, андин ҳамма қабила (уруғ) баробар хуш бўлдилар. Ҳазрат ўзлари бир катта чодир (чойшаб) олдуруб, ерға солдилар, анга ўз қўллари ила Ҳажари Асвадни қўйдилар, кейин ҳар қабила (уруғ)нинг сардориға кўтаринглар, деб амр қилдилар. Ҳамма сардорлар чодирни баробар кўтаришиб, Каъба қошиға келтурдилар. Кейин ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак қўллари ила Ҳажари Асвадни Каъба гўшалари (шарқий бурчаги)ға қўйдилар.
Жаноб рисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қадар мухтасар тадбирлари ила бутун араб қабилаларини забардаст бир хунхўр (қонхўр) жангдин сақлаб қолдилар. Чунки араблар ул замонларда арзимаган бир баҳона ила уруш бошлар эрдилар ва ул урушлари йигирма йил, ўттуз йил давом этур эрди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase